UzNuts

Жорий йилда республикамиз ҳудудларида қиш фаслининг илиқ келиши натижасида мамлакатимиздаги айрим тоғ ён бағирларида ўсадиган бодомлар гуллай бошлади. Лекин қиш фаслининг ҳали совуқ кунлари бўлиши мумкин бўлган об-ҳаво шароитлари кузатиладиган бўлса, бу гуллаган мевали дарахтлар меваси сақлаб қолинадими?
Маълумки, дунё миқёсида глобал иқлим шароитлари ўзгариши натижасида республикамизда бу йилги қиш илиқ кузатилаётганлигини кўришимиз мумкин. Бундай об-ҳаво қишлоқ хўжалигига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Хусусан, айнан эрта гуллайдиган мевали дарахтларнинг тиним даврида ҳавонинг илиқ келиши оқибатида эрта вегетация даврининг бошланиши, қурт-қумурсқалар ва турли касаллик омилларининг сақланиб қолиши, кўртакларнинг ўз вақтидан эрта уйғониб гуллатишига сабаб бўлади. Агар илиқ ҳаво ортидан бирдан совуқ об-ҳаво кириб келса-чи, бунда бевақт “уйғониб”, гуллаб юборган дарахтлар ҳосилидан айрилади.
Узоқ йиллик деҳқончилик кузатувларимизга кўра, айнан январь ойида илиқ эмас, балки меъёрий совуқ ҳаво бўлиши яхши натижаларни кўрсатган. Чунки илиқ келган қишнинг оқибатлари келгуси йили баҳор ва ёз ойларида нафақат мева-сабзавотларга, балки чорвачилик учун озуқа манбаи бўлган ўсимликларнинг ўсув нуқтасини совуқ уриши натижасида ўсмасдан қуриб қолиши билан яққол кўринади.
Хўш, илиқ қиш ҳукм сураётган вазиятда мевали дарахтлар ва сабзавотлар “уйғониб” кетмаслиги учун қандай чораларни кўриш керак? “Қишнинг илиқ келгани сабаб эрта гуллайдиган бодом, шафтоли, ўрикларни кечаси, ҳаво ҳарорати пасайган пайтда суғориб турилса, бу дарахтларни уйғонишини 10-15 кунга секинлаштириши мумкин. Агар мевали дарахт гуллаган ҳолатда ҳаво совиб кетса, бундай ҳолатда меваларни асрашнинг иложи бўлмайди, гуллаш фазасига зарар етиб, нормал чангланиш жараёнлари кузатилмайди, қолаверса гул чангчиларини ва уруғчисини совуқ уради, агар мева ҳосил бўлган бўлса ҳам мевасини ҳам совуқ уради ва мевалар нобуд бўлади. Бундай об-ҳаво шароитларида мевали дарахт ва унинг бўлғуси ҳосилини асраб қолиш учун илдиз тагига муз солиб қўйиш ҳам самара беради. Бундай усул орқали мевали дарахтнинг илиқ об-ҳаво таъсирида эрта уйғониб кетишини олдини олади.

Тўхтамурод МАМАТОВ,
Агроном-консультант
Тел: +998915206854

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана