UzNuts

Мевали дарахтларни совуқ уришидан қандай асраймиз?  

Қишнинг сўнгги ойи биринчи ва иккинчи ўн кунлиги иссиқ келиб, дарахтлар куртак ёза бошлаган эди. Аммо ой охирларига келиб, бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати кескин пасайди. Асакалик тажрибали боғбон Машъалбек Хушвақтов бундай шароитда боғ ва томорқалардаги мевали дарахтларни совуқ уришидан асраш чоралари ҳақида маълумот берди.

Машъалбек Хушвақтов – узоқ йиллардан бери кўчат етиштириш ва боғ яратиш билан шуғулланиб келади. Ҳар йили 150 минг туп кўчат етиштирувчи боғбон ижтимоий тармоқларда ҳам анча фаол: у Facebook'да 74 мингдан ортиқ аъзога эга «Боғдорчилик илми» гуруҳини юритади. 

 Дарахтлар ичида сомон ва тезак тутатиш ҳамда бошқа усуллар

Совуқ кунларда мевали хонадондаги мевали дарахтларни асраш учун халқона тадбирлардан бири –«сомон тутатиш» амалиётини қўллаш яхши самара беради.

6 сотихлик томорқага 4 та сомон прессини олиб келиб, тутатамиз. Сомон нам бўлишига эътибор қаратиш зарур, чунки у ёниши эмас, туташи керак.

Бундан ташқари, худди шу услубда тезак тутатиш ҳам самарали. Ёзнинг саратонида мол гўнгидан тайёрлаб қўйилган таппилар узоқ тутайди.

Сомон ёки тезакни тутатишда шамол йўналишини ҳисобга олиш, тутун боғ ҳудуди бўйлаб тарқалишини таъминлаш лозим.

 Ёши катта бўлмаган ниҳолларни қоп кийдириш орқали асраш ҳам мумкин. Бунда иложи борича целлофан эмас, мато ва чипта қоплар кўчатларга кийдириб қўйилади.

Дарахтларни совуқ уришдан асрашнинг яна бир йўли – боғни суғориш.

Бундан ташқари, сувга турли фойдали препаратлар қўшган ҳолда дарахтга пуркаш. Бунда сувга бор препарати қўшиб, аралашма тайёрлаб олинади ва дарахтларга сепиб чиқилади.

Бу орқали дарахт шохларида ўзига хос қоплама ҳосил бўлади ва бу қобиқ новдаларни совуқдан ҳимоя қилади.

Ҳозирда пуркаш орқали дарахтларга сепиладиган бир нечта замонавий, кимёвий перепаратлардан ҳам фойдаланилмоқда.

«Менга аҳоли қачон кўчат экишни бошлашимиз мумкин, деган саволлар билан мурожаат қилмоқда. Шуни айтиб ўтишим зарур, аёзли, совуқ кунлар ўтиб кетмагунича кўчат экишни тўхтатиб турамиз», – дейди уста боғбон Машъалбек Хушвақтов.

 Манба: KUN.UZ

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана