UzNuts

Инсоннинг қўли гул деб бежизга айтилмайди. Ҳақиқатдан ҳам, инсон ўз қўллари билан саҳрою чўлларни, сувсиз дашту биёбонларни обод қилиши мумкин. Фақат бунинг  учун зўр иштиёқ, интилиш, меҳнат ва ҳаракат ҳамда эзгу мақсадлар бир-бири билан муштарак бўлса бас.

 Ўзбекистон Республикаси Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташаббуси билан Жомбой туманида ташкил этилган “SAG AGRO” МЧЖ замонавий ёнғоқ плантациямизда олиб борилаётган ишларни кўриб бугун кўзингиз қувнайди.

Бори йўғи бундан уч йил олдин юқори ташаббускорлик асосида ташкил этилган мазкур ҳудудни замонавий янги технологиялар асосидаги ёнғоқ боғларига айлантиришнинг ўзи бўлгани йўқ. Бу ерда қаттиқ меҳнат, бирдам жамоамизнинг бир ёқадан бош чиқариб, қўлни қўлни бериб, қолаверса, соҳага ихтисослашган мутахассисларнинг зарур тавсиялари асосидаги тинимсиз кечаю- кундуз амалга оширилаётган ишларнинг самарасини бугун кўриш қийин эмас. Боғ майдонларининг ҳудуди қарийб 500 гектарга тенг. Ёнғоқ навлари эса асосан АҚШ келтирилган серҳосил ёнғоқ навлари ҳамда Туркиядан келтирилган CHANDLER навларидир. Боғни ташкил этишда мутахассисларнинг тавсиялари асосида ҳудуд тупроқ иқлим шароитининг тўғри танланганлиги экилган ёш кўчатларнинг яхши ривожланишига ҳамда турли хил касалликларга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Боғда ташкил этилган иш жараёни ҳақида икки оғиз сўз: биринчи галда соҳага ихтисослашган мутахассисларнинг тўғри йўналтирилиши иш жараёнининг самарали ва аниқ бўлишини таъминламоқда.

Бугунги кунда ёш кўчатлар парваришига алоҳида эътибор қаратилиб, ёнғоқ ўсимлигининг ўсиш ва ривожланиш фазаларида биологик ўзгаришлар, тупроқ иқлим шароитлари ва жараёнлари билан кечадиган турли ўзгаришларни боғ мутахасисислари тинимсиз кузатиб боришмоқда. Шунингдек, мутахассислар бу ерда ҳар бир экилган  ва янги пайванд қилинган ёш кўчатлар организмида кечадиган биологик ўзгаришлар ҳамда мослашувчанлигини диққат билан кузатиб боришмоқда.

Агротехник тадбирлар доирасида органик ва минерал озиқаларни ўз вақтида қўллаш яхши самара беряпти. Асосан, ўсиш жараёнининг сифатини ошириш мақсадида азотли, фосфорли ва калийли ўғитлардан кенг фойдаланилмоқда. Суғориш тизими эса тўлиқ томчилатиб суғориш технологиялари бўйича амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, CHANDLER навли ёнғоқ ўсимлигининг ривожланиши билан боғлиқ кечадиган жараёнлар ҳамда ўсимликнинг ўсишига бевосита таъсир қилиши мумкин бўлган айрим ўсимликлар касалликлари ва зараркунандаларининг келтириб чиқарувчи биологик ва экологик шароитлари ҳақида илмий амалий тажрибаларни қўллаган ҳолда ўрганиш ишларини олиб боришмоқда. Кузатишлар натижасига кўра, бугунги кунда мазкур боғда ёш кўчатларнинг ривожи нормал даражани кўрсатмоқда. Яъни, фенологик кузатишларда  Туркиядан келтирилган серҳосил CHANDLER нави ҳамда пайванд қилинган ёш кўчатларнинг ўсиш ва ривожланиш кўрсаткичларининг стандарт ўсиши кузатилмоқда. Бу эса ҳамкасбларимиз томонидан боғнинг яхши парваришидаги агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли қилиб амалга ошираётганлиги ҳамда суғоришнинг янги замонавий усули ҳисобланган томчилатиб суғоришдаги илк натижалардан далолатдир.

Тўхтамурод Маматов,

                                                           Уюшма  ахборот хизмати раҳбари

 

 

  

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана