UzNuts

КЎЧАТДА КЎПДИР ҲИКМАТ

 

         Маълумки, “кўчат” сўзи  “кўч” атамаси асосида “кўчириб ўтказиладиган”  деган маънони беради.  Балки, қадим замонлардан бери такрорланиб келинаётган ушбу атамани ота-боболаримиз ўз маъносида тўғри қўллагандир. Аммо бугунги кундаги кўчатларнинг асл кўчатчилик тажрибалари билан тубдан фарқ қилиши кўзга кўп ташланмоқда.  

Шу маънода ҳозирги даврда   айрим боғбонлар мевали ва манзарали дарахтларнинг уруғларини экиб, кўчат етказиб сотиш бизнеси билан фаол шуғулланмоқдалар. Илдиз тизимидан тортиб токи бутун танасигача соғлом бўладиган кўчатлар кўп йиллар мобайнида мева берадилар ёхуд шаҳру қишлоқларимиз манзараларига ҳусн бағишлайдилар.

         Аждодларимиз қадим-қадимдан дарахт уруғларини экиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келганлари тарихдан маълум. Дейлик, мўътабар манбалардан бирида  ёнғоқ   ниҳоли   хусусида  шундоқ  дейилмиш:  “Агар  ёнғоқ  ниҳоли  кавлаб  олинса,  бошқа  ерга  ўтқазилса, бир  йилдан  кейин  у  жойдан  яна  бошқа  жойга  кўчирилса,  уч  марта   шундай  қилинса,  бу  дарахт  ҳосилга  тез  киради.  Агар   унинг   танасини  ингичка  темир  ёки пўлат  билан  иккинчи  томонидан  тешиб  чиқадиган  қилиб  тешилса  ва   шундоқ  қолдирилса  шу  ёнғоқнинг  пўсти  юпқа ва мағзи оқ  бўлади”.

         Бу  сатрлардан  ойдинлашадики,  ёнғоқ  ниҳолининг   қай  тариқа  баҳайбат  дарахтга  эврилиши   асосан  боғбоннинг саъй-ҳаракатига,  илмига,  тажрибасига  боғлиқ   экан.  Чунончи,  кўчатда  кўпдир  ҳикмат,  деганлар.

         Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг 2017 йил  1 июндаги  “Ёнғоқ  ишлаб  чиқарувчилар  ва  экспорт  қилувчилар  уюшмасини  тузиш  ва   фаолиятини  ташкил  қилиш   тўғрисида”ги  Қарори   мазмунан  ёнғоқ  кўчатларини  рисоладагидек  етиштиришга  ҳам  тааллуқлидир.

         Табобат  илмининг  султони  Абу  Али  ибн  Сино  “Тиб  қонунлари”  номли  асарида  ёнғоқ  истеъмол  қилишнинг  фойдалари  тўғрисида  ёзади.  Замонавий  тиббиёт  ҳам  ёнғоқ    ейишнинг  организмга  катта  нафи  тегишини  исботлаган.  Шифобахш  неъмат  таркибида  С,  В  1,  В 2, РР  витаминлари  уйғунлашган.  Инсон  кунига  иккита  ёнғоқ истеъмол  қилса  хотираси   кучаяди.  Тўрт  дона  ёнғоқ  еса  яна   ҳам  яхши.  Бундай  алпозда  иммунитет  ҳимояси  яхшиланади.  Аммо,  меъёридан  ортиқ  ёнғоқ  ейиш  организмга  зиён  келтириши  мумкин. “Ҳусайн туҳфаси”  китобида   ёзилишича,  мазкур   неъматни  тановул  қилишни   эҳтиёт  бўлмоқ  жоиз:

 

                                      Биринчи  ўринда  қуруқдир  ёнғоқ,

                                      Иккинчи  ўринда  иссиқдир  бироқ.

                                      Кўп  егач,  бош   оғриқ  дарди  кўп  ошар,

                                      Оғиз  яллиғланиб,  тил  қўполлашар.

                                      Пўчоқ  ширасини  олиб  ёнғоқдан,

                                      Чайқалса -   кетади  оғриқ  томоқдан.

 

         Маълумки,  “тождор  вирус”   ҳамласи  туфайли  хусусан  ёши  олтмиш  бешдан  ошган  отахон  ва  онахонлар  иммунитети  сустлашмоқда.  Бинобарин,  уларга  кунига  икки,  уч, тўрт  дона  ёнғоқ   ейиш  тавсия  этилади.

         Айни  даврда  ёнғоқ   кўчатлари  сифатини   яхшилаш  масаласига    Президентимиз  Шавкат  Мирзиёев  ҳам  эътибор  бермоқда.  Президент  Самарқанд  вилоятига  ташрифи  доирасида  “SAG AGRO” МЧЖ    қошидаги  “In  Vitro” лабораториясига борди   ва   бу   ерда   кўчат  сифатини  яхшилаш  бобида  тадқиқот   қилаётган  ёш   олимлар  билан  танишди.  Бу ерда Президентимиз Ш. Мирзиёев  тупроқ-иқлим  шароитларимизга мос,  касаллик ҳамда турли  зараркунандалардан холи бўлган серҳосил ва тез ҳосилга кирувчи кўчатларни етиштириш  жараёнлари  билан   танишди   ва   олимларни   руҳлантирадиган  сўзларни   айтди. Хусусан, Президентимиз ёш олимлар ҳамда мазкур тизимда фаолият юритаётган ёшлар билан мулоқотда: “In Vitro” – бу ген, ген эса насл. Демак, илмий асосланган наслни кўпайтиришимиз зарур” – деди.

         Демак, ёнғоқ   ишлаб   чиқариш   ва  экспорт  қилишга   астойдил  эътибор қаратилаётгани  лаборатория   масъул   раҳбарлари ва  ходимларини, хусусан,  бу ердаги ёш   олимларни  ўз   ишларига   янада   иштиёқ  ва катта масъулият билан ёндашишларига ҳамда тизимда янги-янги билим ва тадқиқотларни амалиётга жорий этиш зарурлигини англатади.

  •                                                                                    Тўхтамурод  МАМАТОВ,                        
  • Ёнғоқ   ишлаб  чиқарувчилар  ва  экспорт 
  • қилувчилар   уюшмаси   ахборот  хизмати  раҳбари
  •  

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана