UzNuts

Маълумки, бодомнинг ҳам унча кўп бўлмасада зараркунанда ва касалликлар шикастлайди. Яъни, бодомнинг баргларини оддий ўргимчаккана, мевасини эса бодом мевахўри зарарлайди. Касалликлардан кучли бўлмасада, кластероспориоз ва септериоз зарарлайди. Биз бу ерда диққатингизни бодомларга асосий зарар келтирадиган бодом мевахўрига (Eurytoma samsonovi Vass) қаратмоқчимиз. Бодом мевахўри – бу чумолини эслатадиган парда қанотли хальцидлар оиласига мансуб ҳашаротдир. Танасининг узунлиги 4-6 мм келиб, қора тусда бўлади.
Ҳашарот бир йилда 1 авлод бериб ривожланади. У етук личинка шаклида бодом мағзининг ичида диапаузага кириб қишлаб чиқади. Февраль ойларида ғумбакка, мартда эса етук зотга айланади. Етук зот апрелнинг бошидан охиригача қаттиқ бўлган бодом пўстлоғида юмолоқ тешик ясаб, ташқарига чиқади. Бу ерда эркак (майда) ва урғочи (йирик) зотлари учрашиб, гуллаб мева тугунаклари хосил қилган бодомга якка-якка қилиб тухум қўяди. Яна 4—5 кундан кейин тухумдан очиб чиққан оёқсиз қуртлари данак мағзига қараб ҳаракатланади. Озиқланиш 2 ой мобайнида давом этади. Вояга етган қурт (личинка) тинч ҳолат (диапауза)га кириб қишлаб қолади. Зарарланган меванинг устки пўсти ёрилмай, қорайиб қотиб қолади. Улар қисман тўкилиб кетади, лекин асосий қисми дарахт устида қолиб кетади.
Зараркунанданинг яшаш жараёнини инобатга олган ҳолда, бодом мевахўрига қарши қуйидаги инсектицидларни қўллаш тавсия этилади. Бодом гуллаб довучча ҳосил қилганида: талстар, циперметрин ва циперфос дориларини бир ва икки марта сепиш мумкин. Тажрибаларга кўра, бир марта ўтказилган ишлов оқибатида мева зарарланиши 86,5 % га, икки марта ишланганида эса – 97,5 % га камайиши мумкин .
Қўллаш тартиби: талстар-0,4 л/га, циперметрин-0,2 л/га, циперфос-1,0 л/га.

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана